ССВ: Сўнгги уч кун давомида соғайган беморлар 242 нафарга етиб, жами тузалганлар 500 нафардан ошди
Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш жараёнида минглаб тиббиёт ходимларининг матонати ва фидойилигига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги шифокорлар астойдил меҳнат қилишмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси эса кундан кунга ёрқинроқ намоён бўлмоқда.
Жумладан, бугун ҳам пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 8 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғайганларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Фарғона вилоятидан. Улардан 1 нафари БААнинг Дубай шаҳридан келган. Қолган 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 2 нафари эркак, 6 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 13 ёшда.
Ушбу клиникада шу пайтга қадар 50 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 58 нафарга етди. Бунда шубҳасиз, республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида фаолият юритаётган фидойи тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор.
Шундай қилиб, сўнгги уч кун давомида соғайганлар жами 242 нафарга етди ва айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 503 нафарни ташкил этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.