Хазина мактабга, ўқувчиларга топширилди

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимовнинг ўзи таҳсил олган Ургут туманидаги 37-умумий ўрта таълим мактабига китоб совға қилиш тадбири ижодий учрашув, китобхонлик тарғиботига уланиб кетди.

– Дунёда китобдан катта бойлик, китобдан бошқа нажот йўқ, – деди А.Кўчимов. – Президентимиз шунинг учун ҳам мактабларимизни ана шу хазина билан бойитиш, фарзандларимизни китобхон қилишга даъват этмоқда. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш учун аввало ўзимиз маърифатли бўлишимиз, бунинг учун китобга таянишимиз зарурлигини таъкидламоқда. Ўзингиз ўйланг, қайси давлатнинг раҳбари китоб ўқиган ёшларга автомобиль совға қиляпти? Ҳеч қаерда бундай тажриба йўқ. Фақат бизда фарзандларимизнинг китобхон бўлишини юрт раҳбари ана шундай рағбатлантираяпти, қўллаб-қувватламоқда. Чунки, китоб ўқиган, бадиий адабиётга ошно бўлган одамдан ёмонлик чиқмайди, у эзгу ишларга эш бўлади, дунёни англайди, ўз олдига буюк мақсадлар қўйиб, юксак марраларга интилади.

Тадбирда Самарқанд давлат университети доценти, шу қишлоқда туғилиб ўсган 80 ёшли Н.Шодиев китобнинг, мутолаанинг инсон камолотидаги аҳамиятини ўз ҳаёти мисолида сўзлаб берди. Деҳқонободдан етишиб чиққан зиёлилар, айни пайтда пойтахтимиз ва Самарқандда, шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларида фаолият юритаётган қишлоқдошлар  маҳаллада замонавий кутубхона қуриш истагида эканлигини маълум қилди. Бу ташаббус учрашув қатнашчилари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Самарқандлик таниқли ижодкорлар бошлаб берган мушоирани “Ургут садоси” газетаси қошидаги “Чашмалар” тўгараги аъзолари, мактаб ўқувчилари давом эттирди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Э.Қайтаров ўзининг дилтортар қўшиқлари билан даврага ўзгача файз киритди.