Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Исроил Ҳизбуллоҳга ўт очишни тўхтатиш шартини айтди
🔹 Исроил, Ливан жанубида ўт очишни тўхтатиш шарти сифатида Ҳизбуллоҳ ҳаракати қуролларини ташлаб, кучларини икки давлат чегарасидан шимолга олиб чиқишини талаб қилмоқда.
🔹 Украина 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган эркакларни фронтга сафарбар қилишни тақиқлади.
🔹 Қўшма Штатлар ва араб давлатлари Эрон билан урушнинг барча жабҳаларида бир вақтнинг ўзида сулҳга эришиш учун музокараларни бошлади. Бу ҳақда Исроил телеканали хабар берди. Хабарларга кўра, ҳозирда Исроил музокараларда иштирок этмаяпти, бироқ Исроилнинг юқори мартабали расмийларига улар ҳақида маълумот берилган.
🔹 Америкалик миллиардер ва тадбиркор Илон Маск Демократик партия номзоди Камала Харрис АҚШ президентлиги сайловларида ғалаба қозонса, қамоққа тушиши мумкинлигини тан олди.
🔹 Шимолий Корея ҳарбийлари мамлакат жанубий чегарасини "қалъа"га айлантириш учун Жанубий Кореяга кирувчи барча автомобиль ва темир йўлларни ёпишга қарор қилди.
🔹 Япониянинг янги бош вазири парламент қуйи палатасини тарқатиб юборди - у буни лавозимга киришганидан 8 кун ўтиб амалга оширди. Урушдан кейинги Японияда ҳеч ким палатани бунчалик тез тарқатиб юбормаган.
🔹 Россия ҳукумати Украинанинг босиб олинган ҳудудларида рекорд миқдорда солиқ йиққани айтилмоқда. Жорий йилнинг деярли тўққиз ойида Луганск, Донецк, Запороже ва Херсон вилоятлари бюджетларига солиқ тушуми, шахсий даромад солиғи кабилардан 118 миллиард рубль тушган.
🔹 Арманлар орасида кузги кескинлик: “Муқаддас кураш” ҳаракати етакчиси Баграт Галстанян Арманистон Бош прокуратураси биноси яқинидаги митингда Бош вазир Никол Пашинянни Қорабоғда “геноцид ва этник тозалашда қўли борлигида" айблаб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатишни талаб қилди.
🔹 Эронда икки кун ичида турли қамоқхоналарда 30 киши, жумладан, 3 нафар аёлга нисбатан ўлим жазоси ижро этилди. Шу фонда мамлакат бўйлаб 22 қамоқхонада очлик эълон қилинган. 2023 йилда Эронда қатл этилганлар сони 500 дан ошган.
🔹 АҚШ маъмурияти Эрон ва Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати билан зиддият кучайган бир пайтда Исроил раҳбариятининг ҳаракатларидан хавотир билдирмоқда. Америкалик расмийлар ўзларининг исроиллик иттифоқчиларига ишончини йўқотмоқда, чунки улар Вашингтон билан келишилмаган ҳолда бир неча бор ҳарбий амалиётлар бўйича қарорлар қабул қилган.