Юртимизда меҳнат қилаётган жомбойлик ижодкорларни туман ҳокими касб байрами билан тақдирлади
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Жомбой туман ҳокимлиги ҳамда “Жомбой тонги” газетаси ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситалари - ёшлар нигоҳида” номли тадбир ўтказилди. Учрашувга туман, вилоят ва республикада ижод қилаётган жомбойлик ижодкор-журналистлар таклиф этилди.
Таъкидлаш керакки, Шайх Худойдоди Вали, Саидаҳмад Сиддиқий тасаввуф ва жадид адабиёти ривожига қанчалик ҳисса қўшган бўлса, Машраб Бобоев, Аҳмад Аъзам каби ижодкорлар ҳам ХХ аср ўзбек адабиёти тарихида ўчмас из қолдирди. Бу издошлик анъананаси ҳозиргача давом этмоқда.
– Ижодкор халқи ҳамиша жамиятдан бир поғона олдинда юради, – деди туман ҳокими Умиджон Назаров. – Айниқса, ҳозирги глобаллашув, ғоявий таҳдидлар кучайган пайтда уларнинг ёрдами, амалий кўмаги жуда зарур, деб ўйлайман. Сўзда улкан қудрат борлиги рост. Қолаверса, ижодкор ўз шахсияти, фазилатлари билан ҳам ёш авлодга ўрнак бўлади. Орамизда бундай инсонлар, устоз журналистлар кўп. Абдуқодир Раҳмонқулов, Сулаймон Ҳусаинов, Шокиржон Шералиев, Дилором Муродова, Ойхумор Асадова номларини фахр билан тилга олиш мумкин. Шу маънода бугунги учрашувдан ёшларимиз катта ибрат, таассурот олишди. Фахрий ижодкорлар билан учрашиб, турли мавзуларда фикр алмашиш, ютуқ ва камчиликларимизни таҳлил қилиш, маслаҳат олиш бундан кейин ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Шунингдек, туман ҳокими жомбойлик ижодкорлар баёзини чоп этиш таклифини билдирди. Китобдан ҳудуд тарихи, салоҳияти билан боғлиқ маълумотлар ўрин олиши бўйича тавсиялар берди.
Учрашувда “Шарқ юлдузи” журнали, “Маърифат”, “Маҳалла” газеталари ва бошқа нашриётларда фаолият юритаётган ижодкорлар ҳам сўзга чиқиб, журналистиканинг бугунги истиқболи, жамиятда сўз эркинлиги қарор топаётгани, бунда ёшларнинг ўрни хусусида фикр юритишди.
Эътироф этмоқ керак, шу кунга қадар тумандан икки нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист етишиб чиққан - Сулаймон Ҳусаинов ҳамда Гулчеҳра Жамилова. Шунинг ўзиёқ туманда соҳада катта мактаб яратилганидан далолат беради.
– Жомбойда илмий-ижодий муҳит кеча ёки бугун шаклланган эмас, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Гулчеҳра Жамилова. – Ҳатто жадид газеталарининг илк сонлари туман ижодкорлари йўллаган хабар, мақолалар билан тўлгани рост. Биз тенги ёшларнинг ижод, журналистика соҳасига кириб келишимиз туман газетасидан бошланди. “Жомбой тонги”да қалами чархланиб, бугун республика миқёсида ижод қилаётган публицист, шоир, ижодкорлар талайгина. Очиғи, бугун уларни жамлаб, ёшлар билан ижодий учрашув ташкил этилгани катта воқелик бўлди. Аҳолининг китобхонлик маданиятини ўстириш, санъат, ижод, адабиётга қизиқтиришда бундай тадбирлар яхши самара беради.
Тадбир якунида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрий журналистлар, ёш ижодкорларнинг бир гуруҳи туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.