Гул парваришлаш ходимларнинг иш унумини таъминлайди
Бу Пахтачи тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Гулчеҳра опа Бобоназарованинг гапи. "Бунга асосим бор", дейди опа.
Зиёвуддин шаҳарчаси марказидаги кўркам бинолардан бирида Пахтачи тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими фаолият олиб боради. Бино ҳовлиси ва унинг атрофидаги анвойи гуллар бу ерда раҳбар аёл киши эканлигидан дарак бериб туради.
- Бундан икки йил аввал туманимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг аксарияти ўз биносига эга эмас эди, - дейди бўлим бошлиғи Гулчеҳра Бобоназарова. – Уларнинг аксарияти ижарада, айримлари маҳалла раисларининг уйларида фаолият кўрсатарди. 2021 йилда 18 та маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бинолар қурилди. Мавжуд 27 та бинода жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шу йилнинг ўтган даврида 3 та маҳалла биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда яна 6 та янги бино қуриляпти. Йил охиригача тумандаги барча, яъни 59 та маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга бўлади.
Кейинги йилларда вилоятимизда маҳаллалар учун янги бинолар қурилиб, мавжудлари таъмирланиб, барчасида етарлича шароитлар яратиляпти. Энди уларни тоза, озода сақлаш, атрофларини кўкаламзорлаштириш учун масъуллардан масъулият талаб қилинади. Бу борада Гулчеҳра опа Бобоназарова фаолларга ўрнак бўляпти. У бўлим биноси ва унинг атрофини гулларга буркаган.
- Гуллар кишига кўтаринкилик бағишлайди, - дейди у. – Ишдан бўш вақтимизда ходимлар билан гулларни парвариш қиламиз. Ҳеч бир ходимга гулзорга чиқиб ишланг, демайман. Ўзим келиб меҳр билан бегона ўтлардан тозалашга киришсам, бошқалар ҳам менга қўшилади. Эркак ходимларимиз ҳам гулзоримизга ҳавас қилиб, хонадонларида гуллар парвариш қиладиган бўлди. Маҳалла раислари ҳам ўзлари фаолият олиб борадиган бинолар ва уларнинг атрофи ободлигига алоҳида эътибор қаратяпти.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, бино ичида хонаки гуллар парвариш қилинади. Муҳими, Гулчеҳра опа гуллари билан бошқаларга ўрнак бўляпти.
Тўлқин Сиддиқов,
Ҳусан Элтоев.