Эрон ШҲТга аъзоликка даъвогар
Эроннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га қўшилиш тартибининг бошланиши Тожикистонда бўлажак саммитда эълон қилинади, дея хабар беради "Коммерсант" газетаси манбаларга таяниб.
ШҲТ саммити 16-17 сентябрь кунлари Душанбеда бўлиб ўтади. Ҳозирча ташкилотга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлган.
"Тез орада ассоциация аъзолари тўққизта бўлади. Душанбеда бўладиган саммитда давлат раҳбарлари Эронни ўз сафларига қабул қилшини эълон қилишлари керак", дейилади мақолада.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти - Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан асос солинган доимий ҳукуматлараро халқаро ташкилот. ШҲТни тузиш тўғрисидаги декларация 2001 йил 15 июнда Шанхайда олти давлат раҳбарларининг учрашувида имзоланган. 2017 йил 9 июнда ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш тўғрисидаги қарорга имзо чекишди. Ҳозирда ШҲТда кузатувчи давлатлар - Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон, шерик мамлакатлар - Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳисобланади.
Қайд этилишича, ШҲТга аъзо бўлиш жараёни бироз кўпроқ вақтни олиши мумкин.
Эрон ташкилотга аъзо бўлиш учун 2008 йилда ариза берган эди. Унинг ШҲТга кириши масаласида ноаниқлик мавжуд. Эроннинг аризасини бундай узоқ кўриб чиқишининг асосий сабаби президент Маҳмуд Аҳмадинежод (2005-2013) даврида Теҳрон томонидан ядровий дастурни ривожлантириш ва унга жавобан қўлланилган халқаро санкциялар эди. Ҳатто 2015 йилда Эрон билан ядровий битим тузилганида ҳам Эроннинг ШҲТга қўшилиш жараёни тезлашмади, аксинча, 2018 йилда келиб АҚШ битимдан чиқиши ва келишув бекор қилиниши туфайли қийинлашди. Эронга қарши санкциялар қайта тикланди ва Теҳрон, ўз навбатида, шартнома бандларидан босқичма-босқич воз кеча бошлади ва уранни бойитишда давом этди.
Ҳозир Вена шаҳрида Ҳаракатларнинг қўшма кенг қамровли режасини қайта тиклаш ва АҚШнинг Эронга қарши санкцияларини бекор қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. 20 июнь куни олтинчи раунд якунланди.