Греция Мудофаа вазири мамлакат Туркия билан ҳарбий тўқнашувга тайёр эканлигини маълум қилди

Греция Мудофаа вазири Никос Панайотопулос расмий Афина ўз суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай чора қўллашга, жумладан, Анқара билан ҳарбий тўқнашувга ҳам тайёр эканлигини маълум қилди.

“Туркиянинг сўнгги вақтлардаги ўзини тутиши етарли даражада агрессив. Фикримча, бундай агрессив ҳаракатларга жавоб бериш учун Грецияда ягона йўл бор: бир томондан, барча дипломатик қуроллардан фойдаланиш, иккинчи томондан, ҳимояни ушлаб турувчи қуролли кучлар қувватини ошириш”, деди у Star телеканалига берган интервьюсида.

Греция муаммони ҳарбий тўқнашув орқали ҳал қилишга тайёрми, деган саволга Панайотопулос “Айнан шундай!”, дея жавоб қайтарди.

Бир неча кун илгари Туркиянинг ҳукумат нашрларидан бирида Греция ороллари яқинида жойлашган қазилма конларини аниқлаш ва қазиб олишга лицензия тақдим этилиши тўғрисида мурожатнома чоп этилган эди.

Душанба куни Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас Туркия ўзга мамлакатнинг суверен ҳуқуқларини ўзлаштириб олишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Греция Туркия томонидан йўл қўйилаётган эҳтимолий эскалация, грек-турк инқирозига эмас, балки европа-турк инқирозига олиб келишини таъкидлади.