Коронавирусга чалинган самарқандлик ҳомиладор аёл буткул соғайди

Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасида илк бор коронавирусга чалинган 2 нафар бемор: яқинда фарзандли бўлган аёл ҳамда ҳомиладор аёл соғайиб чиқишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими  берган хабарга кўра, улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Биринчи бемор аёл 38 ёшда бўлиб, Наманган шаҳридан. Жорий йил 31 март куни Тошкент шаҳар перинатал марказида фарзандли бўлган. Онада коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ мажмуасига олиб келинган. Унинг фарзандида эса коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

Ҳомиладор аёл эса 28 ёшда бўлиб, Самарқанд шаҳридан. У жорий йил 26 март куни Туркиядан Тошкентга келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ комплексига олиб келинган. Айни пайтда 32 ҳафталик ҳомиласи ривожланмоқда.

Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар икки нафар беморда ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини кўрсатди.

Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 765 нафарга етди.