Маҳалла раислигига эл ишонган инсон сайланади

Жамият равнақида муҳим аҳамиятга эга бўлган, жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига тайёргарлик, маҳалла раиси фаолиятининг айрим ташкилий-ҳуқуқий асослари юзасидан вилоят маҳаллалар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бадриддин НАСРИЕВ билан суҳбатлашдик.

- Бу йилги маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловининг ўтган сайловлардан фарқи нимада?

- Аввало, мазкур сайлов 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонун асосида ўтказилиши билан аҳамиятли. Илгари фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 2,5 йил қилиб белгиланган бўлса, янги қонун бўйича уч йил бўлди. Бу эса маҳалла раисларининг самарали фаолияти учун кўпроқ имконият яратади.

Бундан ташқари, сайловларда кўпчиликнинг иштирок этишини таъминлаш мақсадида сайлов ўтказилаётган ҳудуд - ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгилаб берилди. Яъни, ушбу норма сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. Бундай ҳолатда фуқаролар йиғинида яшовчи ўртача 2 минг нафар сайловчи номидан 240 нафар вакил сайловда иштирок этиши лозим.

Шунингдек, фуқаролар вакилларига ҳам талаблар ўрнатилди. Энди ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлишади. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас. Албатта, бу тизимнинг йўлга қўйилгани сайловнинг янада шаффоф, демократик қоидаларга мос равишда ўтишини таъминлайди.

Кейинги ўзгаришлардан яна бири сайловда фақат фуқаролар йиғини раиси сайланади. Олдинги амалиётда тартибга кўра, фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчиси бир вақтда сайланарди.

Янги қонунга кўра, фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтгандан кейин бир ой ичида маслаҳатчилар сайланади ҳамда комиссиялар шакллантирилади.

Яна бир ўзгариш - маҳалла раиси яширин овоз бериш орқали сайланади.

- Сайловга тайёргарлик жараёни қандай кечмоқда?

- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ сайлов 3 босқичда ўтказилади. Биринчи, тайёргарлик босқичида фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар кўрилади. Иккинчи, асосий босқичда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш, сайлов якунларини чиқариш, ОАВда эълон қилиш ҳисобланади. Учинчи босқичда эса фуқаролар йиғини органларини шакллантириш, раисларини ўқитиш, уларнинг инновацион ва ахборот технологиялари бўйича билимларини ошириш керак бўлади.

 

Шу кунларда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари тузиб бўлинди ва улар биринчи босқич бўйича ўз фаолиятини бошлади.

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш қандай тартибда амалга оширилади ва кимлар раис бўлиши мумкин?

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

"Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонуннинг 17-моддасида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига кўрсатилаётган номзодларга талаблар қўйилган. Унга кўра, кўрсатилган номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш ҳамда ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

- Кимлар мазкур лавозимга номзод сифатида кўрсатилмайди?

- Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс­лар, шунингдек, суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

- Сайлов якунларини чиқариш тартиби қандай?

- Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.

Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) сайлов якунлари бўйича қарор қабул қилади. Бу қарор фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Фуқаролар йиғини баённомаси икки нусхада тузилиб, бир нусхаси сайлов якунларини умумлаштириш учун тегишли туман ва шаҳар комиссиясига тақдим этилади. Тегишли туман ва шаҳар комиссиялари фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови якунларига доир умумлаштирилган маълумотларни юқори турувчи комиссияга топширади.

- Қайси ҳолларда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилади?

- Агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. Сайлов фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса ҳам сайлов ўтмаган ҳисобланади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови давомида ёки овозларни санаб чиқишда йўл қўйилган ва овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар туфайли сайлов суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

- Ўтган сайловдаги камчиликлар ҳисобга олинса, янги қонуннинг аҳамияти қанчалик кўзга ташланади?

- Дарҳақиқат, 2016 йил май-июнь ойларида бўлиб ўтган сайлов жараёнларида бир қатор хато ва камчиликлар кузатилган. Жойларда тушунтириш ишларининг яхши ташкил этилмаганлиги боис айрим ҳудудларда қонун бузилишлари, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаслик ҳолатлари юзага келган. Айрим маҳалла раислари гуруҳбозлик, таниш-билишчилик орқали, ҳудудий ҳокимликларнинг келишувисиз ўз номзодларини қўйган. Натижада маҳаллада тартибсизлик, келишмовчилик ҳолатлари кузатилган. Жойларда тузилган ишчи гуруҳларнинг яхши ишламаганлиги ёки юзаки (маҳалла оқсоқоли томонидан) тузилган ишчи гуруҳларининг масъулиятсизлиги, ўз ишига эътиборсизлиги сабабли кўп маҳаллаларда сайловнинг адолатли тамойиллар асосида ўтмаганлигининг гувоҳи бўлинган.

Бугун ўтган сайлов натижаларини яна бир бор таҳлил қилиб, ундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда олдимизда турган сиёсий жараённи уюшқоқлик ва қонун доирасида ўтказиш масаласини белгилаб олдик.

- Кейинги йилларда маҳалла раисларининг қонунга зид хатти-ҳаракатлари ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўтган 2,5 йил мобайнида маҳалла раисларининг неча нафари, қандай сабабларга кўра ишдан олинди?

- Сўнгги икки ярим йил мобайнида 361 нафар маҳалла раислари ишдан бўшатилганини назарда тутадиган бўлсак, уларнинг 6 нафари вафот этган, 42 нафари касаллиги туфайли, 33 нафари бошқа ишга ўтганлиги сабаб, 250 нафари ўз хоҳишига кўра, 7 нафари хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлиги туфайли, 23 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тавсиясига асосан вазифаларидан озод этилган.

- Туман ва шаҳар ҳокими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари томонидан маҳалла раисини ўз вазифасидан озод этиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Умуман, оқсоқолни ким ишдан бўшатишга ҳақли?

- Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) маҳалла фуқаролар йиғини вакиллар йиғилиши қарори билан вазифасидан озод этилади.

- Қайсики ташкилот ёки муассасада шарт-шароит, моддий манфаатдорлик юқори даражада бўлса, иш унумдорлиги ошади. Маҳалла фуқаролар йиғинларидаги айни ҳолат сизни қониқтиряптими?

- Булар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги энг оғриқли масалалар саналади. Тан олишимиз жоизки, аксарият маҳаллалар фаолияти учун қониқарли шароит тўлиқ яратилган эмас. Масалан, вилоятдаги мавжуд 1087 та маҳалланинг 141 тасининг биноси йўқ. Шу билан бирга кўпчилик маҳалла фуқаролар йиғинлари мебель жиҳозлари ва оргтехника воситалари билан тўлиқ таъминланмаган, борлари ҳам эскириб бўлган.

Бугун маҳалла раисларининг ойлик маошлари ҳам кам. Бу уларни қаноатлантирмайди. Айни пайтда мазкур масалалар ҳукумат даражасида кўриб чиқиляпти ва уларга ижобий ечим топилиши кутилмоқда.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ

суҳбатлашди.