Молиявий мустақиллик институт имкониятларини кенгайтирди
Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 1000 ўринли ўқув биноси мукаммал қайта таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилиши, уларга молиявий ва академик мустақиллик берилиши ўқув даргоҳлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларга замон талабларига мос шарт-шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Хорижий тиллар бўйича етук мутахассислар тайёрлаб келаётган Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам мамлакатимизда ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтган дастлабки олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.
– Илгари ўқув биноси ёки талабалар турар жойи қуриш учун уларни инвестиция дастурига китириш, кейин маблағ кутишга тўғри келарди, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори И.Тўхтасинов. – Бунинг устига ҳар йили бундай дастурларга тушишнинг имкони йўқ эди. Энди эса ўз маблағларимиз ҳисобидан янги бино қуриш ёки уларни таъмирлаш, талабаларимизнинг сифатли таълим олиши учун қулай шароит яратиш имкониятига эгамиз. Бунинг натижасида 2022 йилда 12 миллиард сўм маблағ эвазига 288 минг нусхадаги илмий, ўқув ва хорижий адабиётлар билан бойитилган Ахборот-ресурс маркази бунёд этилди. 1000 ўринли ўқув биномиз таъмирланди. Шунингдек, 32 миллиард сўм сарфланиб, 600 ўринли талабалар турар жойи қурилди, 200 ўринли талабалар турар жойи мукаммал таъмирдан чиқарилди. Бугун фойдаланишга топширилган ўқув биносини замон талабларига мос реконструкция қилишга 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Эътиборлиси, бино том қисмида 100 киловаттлик қуёш панеллари ўрнатиляпти. Эндиликда бу ерда инглиз филологияси ва таржимашунослик факультети талабалари барча қулайликларга эга аудиторияларда сабоқ олади.
Бугунги кунда институтда 12 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 6200 ўринли саккиз ўқув биноси мавжуд. Айни пайтда институт ҳудудида яна 2 минг ўринли ўқув биноси қурилмоқда ва келгуси ўқув йилида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.