Ўзбекистонда 4 февраль ҳолатига кўра, коронавирус юқтирганлар йўқ
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 4 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикасида жами 20471 нафардан ортиқ фуқаролар касалланиб, кунлик ўсиш 18,8 фоизни (3233 нафар) ташкил этмоқда. 425 нафар фуқаро ушбу касалликдан вафот этган.
Жорий йилнинг 3 февраль куни Агентликнинг вирусология лабораториясига 60 нафар фуқародан коронавирус инфекцияси лаборатория таҳлили учун намуналар келтирилди. Январь ойидан бошлаб коронавирус инфекциясига 215 нафар фуқаролардан намуналар келган. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби жорий йилнинг 4 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги умуман қайд этилмаган.
Ўзбекистондан Хитойга ва Хитойдан Ўзбекистонга авиапарвозлар вақтинчалик тўхтатилган.
Агентликнинг маркази штаби мутахассислари томонидан 71-276-49-66, 71-276-46-65 ишонч телефонлари орқали мурожаат қилганларга тушунтиришлар, аниқ маълумотлар ва зарур тавсиялар бериб борилмоқда. Шу кунгача жами 1642 та мурожаатларга жавоб берилган.
И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 3 февраль куни хорижий давлатлардан 33 та самолёт қабул қилинган, 4441 нафар фуқаролар санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказий Санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан 3 та поездда жами 497 нафар фуқаролар ўтишган, шулардан 62 нафарини хориж фуқаролари ташкил этади. Тана ҳарорати кўтарилган фуқаролар анииқланмаган.
Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлар орқали 1626 та автотранспортлар, 23468 нафар фуқаролар ўтказилган, шулардан 11971 нафари чет эл фуқаролари ҳисобланади. Тана ҳарорати кўтарилган фуқаролар аниқланмаган.
Мамалакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда мутасадди вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.