"Қассобга ёғ, эчкига жон қайғуси", ёки жойлардаги кушхоналар, "чапдаст" қассоблар хусусида

2018 йил 14 ноябрда вилоят ҳокимининг "Вилоят аҳолисини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда гўшт маҳсулотларини етказиб бериш ва сотишда ветеринария ва санитария талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарорда гўшт ва гўшт маҳсулотларини қай тарзда истеъмолга чиқариш йўллари белгилаб берилди.

Гўштини истеъмолга чиқариш учун мўлжалланган ҳайвонларни сўйишни замонавий технологиялар ёки автоматлаштирилган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бино ва хоналари мавжуд бўлган, ветеринария-санитария талабларига жавоб берадиган ихтисослашган сўйиш корхонасида амалга ошириш, ихтисослашган сўйиш корхоналарида фақат уй ҳайвонлари, яъни йирик ва майда мол, чўчқа, от, туя, қуён ҳамда уй паррандаларининг барча турлари сўйилиши мумкинлиги белгиланди.

Жумладан, сўйилган мол гўшти ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиб, танасига махсус муҳр босилган ҳолда тегишли маълумотнома (гувоҳнома) асосида савдо корхоналари, истеъмолчилар ва бошқа ташкилотларга етказиб берилиши устидан назоратни кучайтириш лозим.

Ветеринария кўригидан ўтказилмаган гўшт маҳсулотларининг бозор ҳудудига киритилиши ва сотилишига йўл қўйилмайди.

Савдо шохобчалари ва бозорларда гўшт ва гўшт маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган шахслар белгиланган тартибда махсус кийим кийиши ҳамда бир йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтказилиши юзасидан белгиланган ветеринария-санитария тартибига қатъий амал қилиниши керак.

Булар қассобчилик билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, қолаверса, гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш, назорат қилиш маҳкамалари билиши, қатъий амал қилиши лозим бўлган қоидалар. Бу қоида-амалларсиз сизу биз истеъмол қиладиган гўшт ёки бошқа турдаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришолмаймиз. Унинг ортида қанчадан-қанча болалар муассасалари, шифохоналар, ҳарбий қисмлар, кунига минг-минглаб хўрандалар овқатланадиган умумий овқатланиш тармоқларининг турганлигини кўз олдимизга келтиришимиз даркор.

– Вилоят ҳокимлиги мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлашга жиддий эътибор бериб келмоқда. Масалан, вилоят ҳокимлигида шу йил 7 январь куни ўтказилган йиғилишда шу масала кескин қўйилди, – дейди вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи Элмурод Тошмуродов. – Аҳолига етказиб берилаётган чорва молларининг кушхоналарда сўйилиши билан боғлиқ масалалар танқидий муҳокама қилинди ва тегишли мутасаддилар зиммасига масъулиятли вазифалар юклатилди.

Шундан келиб чиқиб, биз жойларда бир қатор тадбирлар ўтказдик. Жумладан, Самарқанд шаҳар ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказига тегишли деҳқон бозорларидаги ветеринария-санитария экспертиза лаборатория ходимлари томонидан "Сиёб деҳ­қон бозори"да якка тартибдаги тадбиркор қассоблар А.Муқумовнинг И.Атоевнинг келиб чиқиши номаълум, бирламчи ветеринария маълумотисиз мол гўшти сотганлиги учун маҳсулоти вақтинча олиниб, қайта экспертизадан ўтказилди ва бу ҳақда баённомалар расмийлаштирилди. "Дамариқ", "Темирйўл деҳқон" бозорларида ҳам юқорида кўрсатилган тартиб-қоидаларни бузганлиги учун 10 нафар қассобларга нисбатан шундай чора қўлланилди.

2017 йилда Самарқанд тумани ҳудудида чорва молларини сўйишга ихтисослашган замонавий кушхона фаолияти йўлга қўйилди. 2,5 миллиард сўмлик кредит маблағлари ҳисобига Туркия технологияси асосида жиҳозланган корхона тўла қувват билан ишлаганда бир кеча-кундузда 300 бош қорамолни сўйиш қувватига эга. Афсуски шунча маблағ сарфланган автоматлаштирилган замонавий бу корхона ҳозирча 14 фоиз қувват билан ишламоқда. Кушхонани қуришда Самарқанд, Паст Дарғом, Ургут ва Тойлоқ туманларида сўйиладиган чорва моллари шу ерга олиб келиниши назарда тутилган. Афсуски, кушхонага келтирилаётган моллар 5-20 фоиздан ошмаяпти.

Мазкур корхона раҳбари Шерали Тошпўлатов ва ветеринария врачи Шавкат Равшанов назоратчи ишчи гуруҳ аъзоларига қизиқ бир гапни айтиб қолишди. "Самарқанд шаҳридаги мавжуд ички бозорлар ва маҳаллалар ҳудудидаги қассобхоналарда сотилаётган гўштнинг 80 фоизида корхонамизда сўйилганлиги ҳақида ҳужжат мавжуд, холос. Бироқ кушхонамиз муҳри ва ветеринария текширувидан ўтганлигини тасдиқловчи муҳр йўқ". Бундан кўриниб турибдики, битта чала ҳужжат билан ўнлаб чорва моллари гўшти савдога чиқариб юборилмоқда. Масалан, "Сиёб деҳқон бозори"даги марказий гўшт павильонида шундай манзарани кўриш мумкин.

Гап замонавий кушхоналар ҳақида борар экан, ишчи гуруҳ таҳлил этган қуйидаги мисолларни келтириб ўтмоқчимиз.

Пайариқ туманидаги 3 та – "Гавҳар-Динара инвест", "Азиз Фред голд" МЧЖга қарашли кушхона, "Ғулом-Маъруф" оилавий корхоналари тўла қувват билан ишламаяпти. Айримлари антисанитария ҳолатида. Оилавий корхона фаолияти қонуний тугатилган бўлса-да, мол сўйиш давом эттирилмоқда. "Жомбой пойафзал савдо" МЧЖга қарашли кушхонада кунига 40 та мол сўйилиши мумкин бўлса-да, бу рақам 6-7 тадан ошмаяпти.

Нуробод тумани марказида манзилли дастур асосида қурилиши режалаштирилган кушхона учун тадбиркор Шариф Жумаевга 0,15 га ер майдони ажратилган, қурилиши ишлари бошланган. Бироқ кушхона белгиланган муддатда ишга тушмай қолди. Булунғур, Ургут, Тойлоқ, Иштихон туманларидаги айрим тадбиркорларга тегишли кушхоналар ҳам тўла фаолият кўрсатмаяпти. Борлари антисанитария ҳолатида. Чорва молларини уйда сўйиб, сотиш ҳоллари кўп. Оқдарё туманида эса махсус кушхона мавжуд эмас. Қассоблар уйларида сўйиш майдончалари қуриб олган. Бундай ҳолларда гўштнинг сифатига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Энди савол туғилади. Хўш, замонавий кушхоналарга молларни ким етаклаб келади?

– Бунга туман ва шаҳардаги ҳокимликлардан тортиб барча назорат идоралари масъул этиб белгиланган, – дея сўзини давом эттиради Э.Тошмуродов. – Катта маблағ ҳисобига қурилган кушхоналар учун кредит маблағлари мазкур туман ва шаҳарлар ҳисобидан молиялаштирилади. Кушхона битта молни сўйиш учун 80 минг сўм хизмат ҳақи олади. Сарф қилинган маблағни қоплаш учун демак ҳаммамиз масъул бўлишимиз лозим. Бунинг учун кушхоналарда махсус транспорт хизмати йўлга қўйилган. Бу биринчидан.

Иккинчидан, бозорга кириб келаётган маҳсулотни бозорлар уюшмаси ҳал қилади ва шунга яраша чек олади. Чек беришдан олдин мол-ҳол ветеринария кўригидан ўтганми, маҳсулот истеъмол учун яроқлими – сўралиши лозим. Аммо бунга ҳеч ким қизиқмайди.

Учинчидан, бозорлардаги ветеринария врачлари белгиланган жойлардаги маҳсулотлардан намуна олиб текширишади. Бозор атрофидаги мол-маҳсулотлар эса назоратсиз четда қолади.

Тўртинчидан, халқимиз истеъмолчилик савиясини ошириши, соғлиқ учун нима яроқлию нима зарарлигини билишлари керак.

Хуллас, деҳқон бозорларининг ўз дарвозаси, қассобчилик билан шуғулланаётган якка тадбиркорларда инсоф, диёнат бўлиши лозим.

Демак, вилоят ҳокимлиги томонидан қўйилаётган талаблар шунчаки расмиятчилик эмас. Унинг замирида инсон саломатлиги ётибди. Бу борада қанча гаплар айтилади, назоратчи органлар томонидан текширилади. Бироқ одамларни мавжуд чорва молларини махсус жойларда, замонавий кушхоналарда сўйдиришга кўниктира олмаяпмиз. Айрим қассобларнинг фирибгарлигига эса барча чидаб келмоқда.

Вилоят ҳокимининг юқорида қайд этилган қарори асосида вилоят ветеринария бошқармаси, вилоят ДСНЭМ, вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ветеринария-санитария қоидаларининг бузилишига йўл қўяётган шахс­ларга, ветеринария ҳужжатларисиз гўшт қабул қилган умумий овқатланиш ва қай­та ишлаш корхоналарига нисбатан амалдаги тартибда жавобгарлик чоралари кўриладиган бўлди.

Адҳам ҲАЙИТОВ, Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

"Зарафшон" мухбирлари.