Республика фан олимпиадаси: 6 дақиқада 50 та саволга тўғри жавоб бериш мумкинми?

Ҳатто робот ҳам бундай тезликда саволларга тўғри жавоб белгилай олмаса керак?..

Яқинда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида фан олимпиадаларининг республика босқичи бўлиб ўтди. Коронавирус хасталиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида мазкур танлов бу йили онлайн тарзда ташкил этилди. (Гарчи ёшлар ўртасида минглаб иштирокчилар қатнашаётган фестиваллар ўтказилиши давом этаётган бўлса-да, аммо саноқли талабалар ўртасида бўлиб ўтаётган олимпиадани онлайн тарзда ўтказилиши ҳам қизиқ).

Хуллас, барча фандан ўтказилган фан олимпиадасининг республика босқичида талабаларга ўша фан бўйича 50 та савол берилган. Ушбу саволларга жавоб бериш учун бир соат вақт ажратилган бўлиб, олимпиада иштирокчилари бир вақтнинг ўзида ноутбук орқали камераларини ёққан ҳолда саволларга жавоб бера бошлайдилар.

Табиийки, фақатгина тест саволларига жавоб бериш орқали ғолибларни аниқлаш жуда мушкуллигини кўпчилик тушуниб турган бўлса керак. Сабаби, саволларга тўлиқ жавоб берганлар сони кўп бўлиши табиий. Олимпиада ҳайъати аъзолари бу масалани ҳам олдиндан ўйлаб, бу ҳақда талабаларга маълум қилингани ҳақида эшитдик. Яъни, саволларга тўлиқ, тўғри жавоб берган талабалар орасидан вақт нуқтаи назаридан биринчи бўлганлари ғолибликка кўпроқ даъвогар бўлиши мумкин.

Ҳар бир фан йўналиши бўйича танловда иштирок этган талабалар рақибларининг ҳам натижаларини кузатиш имконига эга. Дастур автоматик тарзда иштирокчиларнинг неча дақиқада, қанча саволга тўғри жавоб берганини аниқлаб, ошкор қилиб қўяди. Талабалар орасида шундан сўнггина эътирозлар бошланди. Сабаби, ҳар бир фандан 50 та тест саволларига етти, ҳатто олти дақиқада тўппа-тўғри жавоб белгилаган талабалар сони ҳам анчагина экан. Ҳатто робот ҳам бундай тезликда аввал саволларни, сўнг жавоблар қаторини ўқиб, тўғрисини белгилай олмаса керак?

Бундай натижа кишини турли хаёлларга бошлаши аниқ: саволлар эҳтимол кимларгадир ошкор этилгандир. Ахир 50 та саволни тўлиқ ўқиб, мағзини чақиш учун ҳам 6 дақиқа вақт етарли бўлмаслигини ҳаммамиз тушуниб турибмиз-ку!

Хўш, олимпиаданинг шаффоф ўтганига қандай ишониш мумкин бу ҳолатдан кейин? Нима дейсиз?

Гулруҳ Мўминова.