Самарқанд ҳавоси ифлосланмаган(ми)?
Самарқанд об-ҳавосини фильтрлаб берадиган табиий жараён ҳамма жойда ҳам учрамайдиган ноёб бир ҳодиса сифатида баҳоланиши ростми? Паст Дарғомда қуёшдан келаётган ультрабинафша ёруғлик нурларидан ҳосил бўлган электр энергиясини етказиб берувчи қурилма қурилиши нега тўхтаб қолди? Экологлар кўпчилик ўйлагандай фақатгина дарахтларни кесаётганларни жаримага тортиш билан эмас, соҳага оид йирик ишларни ҳам амалга ошираётгани ҳақида биласизми?
Хуллас, саволлар кўпайиб кетди… Лекин уларнинг жавоблари сиз кутганингиздан қизиқ ва муҳим эканлигини олдиндан айтиб қўйишни лозим топдим. Саволларга экология соҳасида узоқ йиллардан бери меҳнат қилаётган, шу соҳага оид қатор ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлари киритилган мутахассис, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Тўрахон Ҳошимов жавоб беради.
- Узоқ йиллик мутахассис сифатида айтингчи, ўтган ўн йилларда соҳада нималар ўзгарди? Ўзгаришлар ижобий томондами ёки аксинча?
- Энди иш бошлаган йилларимиз, яъни ўтган асрнинг 90-йилларида соҳага оид бирор ҳуқуқий ҳужжат йўқ эди. 1992 йилда мустақил мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилишга оид илк қонун қабул қилинди. Шундан кейин соҳага оид ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Соҳа босқичма-босқич такомиллашиб бораверди.
2000 йилларга келиб, экология соҳасида қоида бузганларга маъмурий жавобгарлик белгилаш экология мутасаддилари томонидан амалга оширила бошланди. Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши, қоидабузарликлар ҳақида маълумотлар ўз вақтида етказилиши натижасида экологияга етказилаётган зиён учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, соҳага экологик сертификатлаштиришнинг жорий этилиши ҳам катта янгилик бўлди. Ушбу йўналиш ишлаб чиқариш корхоналарининг экологик сертификацияси жараёнларини йўлга қўйишга олиб келди. Яъни корхона бир қатор мезонлар, хусусан, атмосферага белгиланган меъёрдан камроқ зарарли ташламаларни чиқариш, табиий хом ашёни ишлатиш, кам чиқитли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби қатор шартларига риоя қилган ҳолда ушбу сертификатга эга бўлади. Бундай сертификат эса табиийки, ишлаб чиқаришнинг табиатга зиёнини йилдан-йилга камайтириб бормоқда.
- Ушбу сертификат тадбиркорга бирор имтиёз ҳам берадими?
- Маҳсулотини экспортга чиқармоқчи бўлган корхона учун бу жуда катта имтиёз. Сабаби, хорижда халқаро андазаларга жавоб берувчи ушбу сертификати бор ташкилот маҳсулоти албатта харидоргир бўлади. Экологияга кам зарар етказувчи технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш корхонага ҳам фойдалидир.
- Лекин ундай технологиялар нархи ҳам анча баланд бўлади-да, шундайми?
- Албатта. Аммо тадбиркор у ёки бу маҳсулот ишлаб чиқаришни режа қилар экан, ундан даромад олишни истайди. Хорижга ускуна сотиб олиш учун борган тадбиркор бир хил маҳсулотни бир хил сифат билан ишлаб чиқарувчи бир нечта ускуналардан арзонроғини, чўнтаги кўтарадиганни сотиб олади. Унга тақдим этилган (баъзида ҳатто тақдим этилмаган) ишлаб чиқариш ускуналари орасида анча қиммат, аммо маҳсулотни бир кунда ундан кўра ўн, ҳатто юз баравар кўпроқ ишлаб чиқарадиган ускуналар бўлади. Бу ҳам энергия тежовчи, ҳам иқтисодий жиҳатдан фойдали, ҳам экологияга анча кам зарар етказувчи технологиядир. Тадбиркор нисбатан арзонроқ ускуна билан иш бошлагач, маҳсулотини сотишга қийналиб қолади. Нега десангиз, ундай маҳсулот аллақачон хорижда, самарадорликка эга бўлган янги ускуна ёрдамида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, таннархи анча арзон. Уни олиб келиб сотиш, маҳаллий тадбиркорнинг ишлаб чиқаришидан кўра арзонроққа тушади. Бундай ҳолатларни самарқандлик тадбиркорлар ҳам бир неча бор бошидан ўтказган.
- Мавзуни яна бир ускуна, муқобил энергия турларидан бири бўлган қуёш панеллари билан ўзгартирсак. Нега кейинги пайтларда экологик жиҳатдан хавфсиз, арзон электр манбаи, қуёш панеллари ҳақида фикр билдирилмаяпти? Қолаверса, Паст Дарғом туманида йирик, қуёш қуввати билан ишлайдиган станция қурилиши ишлари ҳам тўхтаб қолди.
- Энергетика соҳаси доим давлат назорат қиладиган соҳа бўлиб келган. Аммо кейинги йилларда бу соҳада ҳам ўзгаришлар рўй берди. Электр энергиясини давлат шерикчилигида ишлаб чиқаришга рухсат берилди. Натижада ўтган йил вилоятда 5 та мини ГЭС қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ишлар давом этмоқда. Юртимизнинг қуёшли об-ҳавоси туфайли қуёш панеллари арзон, хавфсиз электр энергияси олишнинг энг мақбул усулларидан биридир. Паст Дарғом тумани ҳудудида 405 гектар майдонда ташкил этилиши белгиланган қуёш нури асосида электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуада айни пайтда 6,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган. Аммо Хитойдан келтирилиши мўлжалланган, қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчи ускуна юқорида таъкидлаганимдек, баъзи параметрлари бўйича сўнгги русумдаги муқобил ускуналардан пастроқ кўрсаткичда эканлиги аниқланди. Шунинг учун эндиликда бу соҳадаги замонавий технологияни киритиш мақсадида ишлар тугалланиши белгиланган вақтдан ўтиб кетди. Каттақўрғон туманида ҳам шу каби, аммо 200 миллион кВт энергия ишлаб чиқарувчи қуёш панеллари қурилиши режалаштирилган.
Умуман, энергетика соҳаси айни кунларда чуқур таҳлилга, аниқ статистик маълумотларга жуда муҳтож. Дейлик, бир вилоятнинг энергия соҳасида эҳтиёжи қанча? Қанчаси ўзимизда ишлаб чиқарилади-ю, қанчаси бошқа вилоят орқали келади, прогноз кўрсатгичлар қанчани ташкил қилади, каби саволларга жавоб топиш, қолаверса, юқорида таъкидланганидек, ижтимоий шериклик асосида муқобил энергия турларидан қуёш, шамол, гидростанциялар, биоэнергиялар ёрдамида энергия ишлаб чиқаришни ривожлантириш соҳадаги муаммоларни анча енгиллатган бўларди.
- Экология соҳаси ходимлари томонидан атмосферамизнинг нечоғлик мусаффо эканлиги ҳам назорат қилиб бориладими?
- Албатта. Шаҳар ва туманларда махсус кузатув пунктлар мавжуд бўлиб, қатор ташкилотлар ҳамкорлигида атмосферадаги зарарли моддаларнинг миқдори доимий равишда ўлчаб борилади.
- Сир бўлмаса айтингчи, Самарқанд ҳавоси нечоғлик ифлосланган?
- Сир эмас ва айтишим мумкинки, кейинги йигирма йил ичида Самарқандда зарарли чиқитларнинг атмосферадаги миқдори белгиланган меъёрлардан ошиб кетиш ҳолати кузатилмаган.
- Наҳотки?!
- Ҳайрон қолишингизга табиий. Аммо бу рост. Тўғри, шаҳардаги маълум бир ҳудудларда, мисол учун Кимёгарлар саноат ҳудудида, Фарҳод шаҳарчаси каби ҳудудларда бундан 4-5 йил аввал атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар миқдори катта бўлган. Аммо бу ҳам маълум ҳудудлар эвазига бутун вилоятнинг атмосфераси ҳақида хулоса беришга имкон бермайди. Қолаверса, айни кунларда ушбу ҳудудлардаги саноат корхоналари замонавий, инновацион технологиялар ускуналарини келтириш ва юқори самарадорликка эга бўлган чанг-газ тозалаш фильтрларини ўрнатиш эвазига атмосферага зарарли ташламаларни чиқариш ҳолатлари сезиларли камайган.
Биласизми, Самарқанднинг иқлимига тўхталадиган бўлсак, бу ерда азалдан ўзига хос тарзда ҳавони табиий фильтрлаш жараёни мавжудлиги кишини ҳайратга солади. Шаҳарда шамол жануби-ғарбий йўналиш билан ҳаракатланиб, ҳавони ўзига хос тарзда тозалайди.
- Узоқ йиллик эколог сифатида бугун сизни қувонтирадиган ва ташвишга қўядиган ҳолатлар нималардан иборат?
- Қувонтиргани, соҳага эътибор кучайгани, у нималарда кўринаётгани ҳақида юқорида таъкидлаб ўтдим. Экологияга оид қатор ҳуқуқий ҳужжатларга берилган таклифларим доим инобатга олиб келинаётгани мутахассис сифатида мени қувонтиради. Хусусан, Ўзбекистонда биринчи Экологик кодекс ишлаб чиқилиши бўйича таклифларимиз ҳам инобатга олиниб, яқинда уни қабул қилиш арафасида турибмиз. Аммо бошқа соҳа ходимлари сингари экологлар учун хизмат кўрсатган эколог унвони ва давлат мукофотлари йўқлиги бироз ташвишга солади. Ахир, бу соҳада ҳам ўз ишининг фидойилари талайгина. Ҳозир жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган инспекторлар қатлами пайдо бўляпти. Ҳеч қаердан маош олмайдиган, фаол, фидойи экологларимиз бор. Уларни ҳам рағбатлантириб бориш керак, деб ўйлайман.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.