Самарқанд вилояти бюджетидан сардобаликлар учун 5 миллиард сўм ажратилди

Бугун – 2 май куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ўтказилган сессияда Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши оқибатида юзага келган табиий офатдан талафот кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов видеоселектор тарздаги сессия қатнашчиларига Сардоба туманидаги воқеа, у ердаги бугунги вазият ҳақида ахборот берди.

– Кеча депутатларимиз, фаоллар Сардоба аҳлига ёрдам уюштириш ташаббуси билан чиққанди, – деди Каттақўрғон тумани ҳокими А.Баҳромов. – Очиғи, халқимизнинг шу қадар мурувватли эканлигидан ғурурландим. Ёмғир ёғиб турган бўлишига қарамасдан, кечгача табиий офатдан жабрланганлар учун иккита катта юк машинасига жойланадиган кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари тўпланди ҳамда эрталаб тегишли манзилга жўнатилди.

Сессияда жойлардаги бу хил ташаббуслар ва жамоатчиликнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати маркази қошида Сардоба учун алоҳида бўлим ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинди.

Шундан сўнг Сардоба аҳлига кўмаклашиш хайрия жамғармасига вилоят бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан 5 миллард сўм пул кўчириш таклифи ўртага ташланди ва бу таклиф депутатлар томонидан маъқулланди.

– Сардобаликлар бизнинг биродарларимиз, – деди Э.Турдимов. – Ёз мавсумида аҳолимизни полиз маҳсулотлари билан таъминлаб келишяпти. Қолаверса, оғир кунда елкадош бўлиш халқимизнинг ноёб қадриятларидан бири. Бу кўмакни аллақачон бошлаб юборган, ижтимоий тармоқлар орқали ва бошқа шаклларда жабрланганларга маънавий мадад бериб турган вилоятимиз зиёлилари ва аҳолисига миннатдорчилик билдираман.