Сув сарфини камайтиришда швейцарча усулдан фойдаланамиз
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Швейцария ташқи ишлар вазири Инятсио Кассис бошчилигидаги делегация вилоятимизда сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги ишлар билан танишди.
Хусусан, Зафаршон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида сув секторини рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда иқлим ўзгаришлари натижасида дарё ҳавзасидаги қор қоплами ва музликларнинг майдони қисқармоқда. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, охирги беш йил давомида Зарафшон дарёсининг йиллик сув оқими ҳажми 15 фоизгача камайган.
Сув ресурслари йилдан-йилга камайиб бораётган шароитда сув секторини, хусусан, сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишни ташкил қилиш ишларини рақамлаштириш орқали амалга ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис бугунги кунда юртимизда электрон ҳукуматнинг миллий мақсадлари доирасида илғор технологик ютуқлардан фойдаланган тарзда сув хўжалиги фаолиятини рақамлаштириш, маълумотларни йиғиш институтларини кучайтириш, соҳада инновацион ахборот-коммуникацион технологияларни фаол қўллаш ва сувдан фойдаланишда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бунда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” муҳим аҳамият касб этмоқда.
Лойиҳа доирасида мамлакатимиздаги 155 туман ирригация бўлимлари офислари таъмирланиб, зарур ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланди. Ходимлар ушбу ускуналар ва компьютер дастурларидан фойдаланиш бўйича ўқитилди.
– Ер юзидаги иқлим ўзгариши ва аҳоли сонининг ошиши, шунингдек, геосиёсий тортишувлар таъсирида трансчегаравий дарёлардан фойдаланишдаги номувофиқликлар сабаб сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар йилдан йилга кўпайиб бормоқда, – дейди Швейцария ташқи ишлар вазири Инятсио Кассис. – Хусусан, Марказий Осиёдаги энг мураккаб муаммолардан бири сув ресурслари билан боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунда трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш борасида юзага келаётган муаммолар дарё оқимининг қуйи қисмидаги давлатлар учун катта қийинчиликларни туғдирмоқда. Шунинг учун минтақадаги барча давлатлар ўзаро ҳамкорликда, трансчегаравий дарёлардан тартибли фойдаланиши зарур. Сув ресурсларидан фойдаланишда самарадорликни ошириб, сув сарфини камайтириш керак. Жараёнда аҳолининг сув ресурсларига бўлган муносабатини ўзгартириш ҳам муаммо ечимида муҳим. Айнан бундай мураккаб вазиятда Швейцарияда синовдан ўтган назарий ва амалий тажрибаларни амалиётга татбиқ этган ҳолда ижобий ечим топиш мақсадидамиз. Албатта, вазият анча мураккаб, аммо ечим топиш мумкин. Ечим ҳамжиҳатлик ва тартибда. Энг муҳими, бу муаммо минтақадаги барқарорликка ҳам ўз таъсирини ўтказади.
– Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 36 миллиондан ошди ва аҳоли жон бошига сув сарфи 1500 метр кубдан тўғри келмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев. – Шунингдек, 64 миллиард метр куб сувимиз 51 миллиард метр кубгача камайди. Ушбу мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан сув хўжалигини ривожлантириш, сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” ана шундай самарали ишлардан бири. Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар сув хўжалигини ривожлантириш ва ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил қилишда ижобий натижаларни бермоқда. Айниқса, замонавий тежамкор технологияларни жорий этиш, тизимни технологик янгилаш, кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаш лозим. Албатта, ўзаро ҳамкорлигимиз минтақадаги сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш имконини беради.
Швейцария делегацияси Зарафшон дарёсидаги Оқ-Қорадарё гидротехник иншооти ва Самарқанд тумани ирригация бошқармаси фаолияти билан танишиб, келгуси вазифалар ҳақида мутасаддилар билан фикрлашиб олди.