Ёшлар Россияда ишлашга иштиёқмандми?

Бу саволни беришим таълим сифати, ёшларнинг нега билим олиш, ўз касби бўйича бир жойда муқим ишлаш ўрнига хорижда ишлашни маъқул кўраётгани ҳақида.

Таълим учун мамлакатимизда барча имкониятлар яратиб берилаётганини инкор қила олмаймиз.. Бироқ баъзи бир камчиликлар инсонни ўйлантиради. Таълим тизимидаги камчилик ва муаммолар ўқувчиларни сифатли билим олишига тўсқинлик қилади. Биламизки, бола мактабга боргандан сўнг бошланғич таълимда яхши баҳоларга ўқийди. Бироқ катта синфга ўтгандан сўнг кўпчилик ўқувчилар ўқишни ташлаб қўяди ёки репетиторларга қатнай бошлайди. Сабаби нимада экан-а?

Бошланғич таълимда ўқувчиларни қизиқтириш учун ҳар хил  қизиқарли ўйинлар,  топишмоқлар  ва бошқа қизиқарли тарзда дарс ўтилади. Масалан, «Зинама –зина» ўйини орқали боланинг фикрлаш доираси ва математикага бўлган қизиқиши ошади. Лекин юқори синфларда ўқувчиларни бундай қизиқтиришга эътибор йўқ. Кўп ўқитувчилар бир хил тизим қилиб олишган: 45 дақиқалик дарсни ҳаш-паш дегунча тугатишади. Яъни, дарс бошлангандан кейин 10 дақиқа йўқламага сарфланади. 10 дақиқа ўқувчилардан дарс машғулотини сўраш билан, яна 5 дақиқа ўқувчиларни тинчлантириш билан ўтади. Бор-йўғи ўқувчиларга 20 минут дарс машғулотларини тушунтиришга кетади. Баъзи бир дарслар, мавзулар борки, соатлаб ўтиш керак. 20 дақиқа етадими, деган савол туғилади. Йўқ, шунинг орқасидан репетитор деган баъзи тадбиркорларнинг чўнтаги тўлмоқда. Ундан кўра мактабда сифатли таълим берилса шу пулни бошқа нарсага ишлатган маъқул эмасми?

Биз таълим жараёнида сифатли ва қизиқарли таълим беришимиз керак. Ўқувчиларни қизиқтира олсаккина, сифатли кадрларга эга бўламиз.

Ўқувчилик пайтларимда бир синфдошим бўлар эди. Катта ёшли бўлишига қарамай ўз исмини ёза олмасди. Шу тарзда мактабни битирди. Ҳозирда эса кўчада ёлланма ишчи бўлиб ишлаб келмоқда. Мактабда ўқиган пайтда энди дарсга, билим олишга қизиқа бошлаганда ўқитувчилар «Сен одам бўлмайсан, ўқиёлмайсан» дея камситишларидан яна ўқимай қўйди. Натижада ўқишга бўлган оз бўлса-да қизиқиши сўнди. Ўқитувчиларнинг “каромати”га қараб, ҳали-ҳануз ўқишдан кўнгли совуган. Ҳайиқади. Бунақа ўқувчилар юзлаб, минглаб топилади. Аммо бир савол бермоқчиман, нима учун Россияга кетиш яна кўпайди?

 Озгина эътибор берилса, бундай ўқувчилар жуда катта кадр бўлиб етишади. Демак, ўқитувчилар виждон билан ишлаб, яхши таълим бериши, эскича қарашларни унутиши, Янги Ўзбекистонга монанд иш тутиши зарур. Юрт келажаги сиз-у биз таълим бераётган ёшлар қўлида эканини унутмайлик. Шунда ёшлар Россияга ишлашга кетишдан аввал бошқа имкониятларни ўйлаб кўришади.

Сайдулла Рашидов.