Судларда интерактив хизмат турлари кенгайтирилади
Аслида суд идораларида кейинги уч-тўрт йил ичида бир қатор интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Мисол учун, Олий суд томонидан «E-SUD» миллий электрон судлов ахборот тизими яратилган. Ушбу тизим орқали судларга даъво аризаси, ариза, апелляция, кассация, назорат шикоятларини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни электрон шаклда юбориш мумкин.
Яъни, судга мурожаатни қоғоз эмас, электрон шаклда онлайн тарзда юбориш мумкин. Бунда мурожаатчининг вақти ва харажатлари тежалади. Мурожаатчи, хоҳ у фуқаро ёки тадбиркор бўлсин, хоҳ давлат ташкилоти вакили бўлсин, мурожаат қилиш учун навбатда турмайди, суд идорасига бориб қабулхонада кимнидир кутмайди. Муҳими, турли эҳтимолий асаббузарликлар ва оворагарчиликларга учрамайди.
Албатта, судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларининг жорий этилаётгани фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, судлов сифатини ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда.
Бироқ бугунги кунда ҳар қандай ахборот тизими ташқи ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари билан ўзаро ҳамкорликда ишламаса, маълумотларни тезкор тарзда, реал вақт режимида олиш ва тақдим этиш имконияти чекланади. Шу боис соҳадаги долзарб вазифалардан бири - электрон ҳукумат ахборот тизимлари ва ресурсларининг ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлаш ҳисобланади.
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 3 сентябрь куни қабул қилинган "Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори тизимдаги кейинги муҳим босқични бошлаб бериши билан аҳамиятли.
Негаки, қарор билан судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Бунда биринчи навбатда, 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш амалиёти йўлга қўйилади.
Буларнинг барчаси аввало суд ва давлат ташкилотлари ўртасидаги, қолаверса, суд ва тарафлар ўртасидаги муносабатларда инсон омилига чек қўяди. Бу биринчидан, бюрократик тўсиқларга барҳам берса, иккинчидан, сифат ва самарадорликнинг ортишига хизмат қилади.
Албатта, ахборот майдонининг кенгайиб бориши ўз навбатида хавфсизлик талабларини кучайтиришни ҳам тақозо қилади. Шундан келиб чиқиб, суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Ж.ҒАЙБУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.