“Жиғилдон эмас, виждон ҳақида ўйлаш керак”. Гўшт етиштириш, терини қайта ишлаш борасида мутасаддилар қачонгача ер чизиб туришади?
Вилоят ҳокимлигида шаҳар ва туманлардаги кушхоналарнинг фаолияти ва кўрсатилаётган хизматлар сифати масаласи муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, айни пайтда вилоятда 4 миллион бош чорва моли мавжуд. Аҳолининг сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун бир йилда ўртача 300 минг бош қорамол, 625 минг бош қўй сўйилади. Ачинарлиси, сўйиладиган чорванинг бор-йўғи 11,6 фоизи кушхоналар ҳисобига тўғри келмоқда.
Бу кўрсаткич Нуробод туманида 5,8, Паст Дарғомда 9,5, Тойлоқда 10,1, Ургутда 10,9 фоизни ташкил этган. Жомбой туманида эса чорва моллари умуман кушхоналарда сўйилмаган.
Таъкидланишича, бу ҳолат, яъни чорва молларининг ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда, белгиланмаган жойларда (уй шароитида) сўйилиши оқибатида ҳайвонлардан инсонларга ўтадиган юқумли касалликлар хавфи сақланиб қолмоқда.
Кушхоналар етарли эмас, тушумлар мутлақо паст
Айни пайтда вилоятда қуввати 200 минг бошга мўлжалланган 25 та кушхона фаолият кўрсатмоқда. Бироқ ҳар бир туманда 1 тадан 3 тагача мини кушхона етишмайди. Бундан ташқари, мавжуд кушхоналарнинг айримларида автоматлаштирилган ускуналар ўрнатилган бўлса-да, чорва моллари антисанитария ҳолатда сўйилмоқда. Баъзи кушхоналарда сўйилган молларнинг гўшт ва гўшт маҳсулотларини сақлаш учун музлаткич етарли эмас.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида кушхоналарда 106,8 минг бош чорва моллари сўйилган. Агар ҳар бир бош сўйилган мол учун ўртача 90 минг сўмдан ҳисобланганда ҳам жами 9,6 миллиард сўм маблағ банк ҳисоб рақамларига кирим қилиниши керак эди. Лекин амалда 4,7 миллиард сўм маблағ банк ҳисоб рақамига кирим қилинган, холос.
Ҳануз антисанитар ҳолатидаги гўшт дўконлари бор
Маълумотларга кўра, вилоятда 863 та гўшт дўконлари мавжуд. Уларнинг 461 таси ёки 52 фоизигина кушхоналар билан шартнома асосида иш олиб бормоқда. Қолган 402 та гўшт дўкони бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан, ноқонуний (уй шароитида), ветеринария-санитария талабларига зид равишда фаолият юритмоқда.
Ўрганишлар давомида гўшт дўконларидан 23 тасининг ветеринария-санитария ҳолати ёмонлиги, 13 тасида сотувчиларда тиббий дафтарчалар йўқлиги аниқланган.
Айтилишича, вилоятда бир йилда 925 минг дона қорамол ва қўй тери хомашёси ҳосил бўлади. Мавжуд терини қайта ишлаш корхоналарининг йиллик қуввати 820 минг дона бўлса-да, жорий йилнинг ўтган даврида 77 минг дона тери қайта ишланган.
Терини қайта ишлаш Каттақўрғон шаҳрида 102 фоизга, Пахтачида 20 фоизга бажарилган. Бироқ бошқа ҳудудларда қайта ишлаш корхоналари ташкил этилмаган.
Оқибатда қиймати 73 миллиард сўмлик тери маҳсулотларининг 14 миллиард сўмлиги ёки 19 фоизи вилоятда қайта ишланаётган бўлса, 59 миллиард сўмлиги бошқа вилоятларга олиб чиқиб кетилмоқда.
Йиғилишда қайд этилган маълумотлар юзасидан мутасаддилардан аниқ маълумотлар сўралди. Уларга тегишли вазифалар берилиб, белгиланган муддатларда сифат ва самарадорликни ошириш юклатилди.