Сайёр судда суд ҳукми билан жазони ўтаётган 16 нафар фуқаро озод қилинди
Ҳуқуқ тарғиботининг турлари жуда кўп. Уларнинг энг самаралиси аҳоли билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашиш, уларни тинглаш, қийнаётган муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш, тўғри йўл кўрсатиб, ҳуқуқий маслаҳатлар беришдир.
Вилоятлар аҳолиси учун республика Олий суди раҳбарияти билан учрашиш имконияти кам. Лекин уларнинг ҳам муаммолари бор. Шунинг учун фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашиш, уларнинг фикр-мулоҳазасини, муаммоларини тинглаш, мулоқот қилиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида Республика Олий суди раиси ўринбосари Икром Муслимов Самарқанд вилоят судида вилоят аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қилинди. Вақт, жараён талаб қиладиган мурожаатлар бўйича тушунтириш бериб, ижроси назоратга олинди. Энг муҳими, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмади.
Унда жами 31 нафар фуқаро ўз муаммоларига ечим излаб мурожаат қилди. Уларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.
31 та мурожаатдан 22 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 9 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.
Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 16 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазодан озод қилишни сўради.
Тадбир давомида сайёр суд ташкил этилди. Мурожаатларнинг ҳар бири алоҳида ўрганиб чиқилди ва тегишли қонуний асосларга кўра улар жазонинг ўталмай қолган қисмидан шартли равишда озод қилинди.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича сайёр судда иш ҳақини, алимент ундириш масалаларидаги мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, мурожаат асослилиги ўрганилиб, суд буйруғи чиқарилди ва ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қоган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, оила яраштириш чоралари кўрилди.
Иқтисодий ишлар бўйича сайёр судда даъвогар тадбиркорнинг 403.401.000 сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди.
Яна кўплаб фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилинди.
Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.